Uz | Ru

Fuqarolarning murojaatlari to‘g‘risida Qonun

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори
Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида
«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2017 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-445-сон Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида Намунавий низом 1-иловага мувофиқ тасдиқласин.
2. Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, шунингдек давлат иштирокидаги ташкилотлар бир ой муддатда:
ушбу қарор билан тасдиқланган Намунавий низомга мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар;
ўзларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ баъзи қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 7 май,
341-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил7 майдаги 341-сон қарорига
1-ИЛОВА
Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Намунавий низом (кейинги ўринларда Низом деб аталади) «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) мувофиқ давлат органларида, давлат муассасаларида (кейинги ўринларда давлат органлари деб аталади) ва давлат иштирокидаги ташкилотларда (кейинги ўринларда давлат ташкилотлари деб аталади) жисмоний ва юридик шахсларнинг, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларининг мурожаатлари (кейинги ўринларда мурожаат деб аталади) билан ишлаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомнинг амал қилиши:
кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга;
давлат органларининг, ташкилотларининг, шунингдек улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Қонунга мувофиқ ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ариза — ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат;
таклиф — давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат;
шикоят — бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат;
аноним мурожаат — жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган мурожаат, шунингдек, уни идентификация қилиш имкониятини бермайдиган электрон мурожаат ёхуд имзо билан тасдиқланмаган ёзма мурожаат;
мурожаатнинг дубликати — айнан бир жисмоний ёки юридик шахснинг мурожаати нусхаси;
такрорий мурожаат — аввалги мурожаатлар бўйича қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилинган ёки бошқача тарзда норозилик билдирилган, шунингдек, агар такрорий мурожаат келиб тушган пайтда кўриб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддати тугаган бўлса, аввалги мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги ҳақида хабар қилинган, айнан бир жисмоний ёки юридик шахсдан келиб тушган мурожаат;
электрон мурожаат — белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологиялари воситасида берилган, шу жумладан давлат органининг, ташкилотнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилган мурожаат, реал вақт режимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда берилган оғзаки мурожаатлар бундан мустасно;
оммавий қабул — давлат органи раҳбарининг ёки бу борада ваколат берилган мансабдор шахсининг жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари билан оммавий учрашувларида мурожаатларни қабул қилишга доир ҳаракати;
видео-конференц-алоқа — узоқда жойлашган бир нечта абонентларнинг реал вақт режимида аудио ва видеоахборот алмашиш имконияти билан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда интерактив ҳамкорлик қилиши;
давлат иштирокидаги ташкилот — устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган тижорат ташкилоти ёхуд тўлиқ ёки қисман давлат органи томонидан ташкил этилган ёки таъсис этилган нотижорат ташкилоти.
4. Мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда ариза, таклиф ва шикоят шаклида берилиши мумкин.
Мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга.
Давлат органларининг, ташкилотларининг «ишонч телефони»га келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида мазкур Низомда белгиланган тартибда қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.
Давлат органининг, ташкилотининг расмий веб-сайти орқали ёки давлат органининг, ташкилотининг расмий электрон почта манзилига келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Интернет тармоғидаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат портали (кейинги ўринларда Ҳукумат портали деб аталади) орқали келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 июндаги 188-сон қарори билан тасдиқланган Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали тўғрисида низом талаблари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Оммавий ахборот воситалари таҳририятларидан келиб тушган мурожаатлар Қонунда хамда ушбу Низомда назарда тутилган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади.
Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.
2-боб. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат этиш ҳуқуқлари кафолатлари
5. Қонунга кўра, жисмоний ва юридик шахсларга давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этиш ҳуқуқи кафолатланади.
Мурожаат этиш ҳуқуқи ихтиёрий амалга оширилади. Ҳеч ким бирон-бир мурожаатни ҳимоя қилишга ёхуд унга қарши қаратилган ҳаракатларда иштирок этишга мажбур қилиниши мумкин эмас.
Мурожаат этиш ҳуқуқининг амалга оширилиши бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини, шунингдек, жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги керак.
Қонунга мувофиқ, хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси давлат органларига, ташкилотларига ва уларнинг мансабдор шахсларига ушбу Қонунга мувофиқ мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
6. Мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига, шунингдек, юридик шахсларнинг мулк шакли, жойлашган ери (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шаклларига ва бошқа ҳолатларига қараб камситишга йўл қўйилмайди.
7. Давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунлари талабларига риоя этиши, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши учун чоралар кўриши, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари тикланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўриши шарт.
8. Мурожаатлар давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши шарт, ушбу Низомнинг 6-бобида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
9. Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти, юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек, давлат сирини ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ва, агар бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборотнинг давлат органлари, ташкилотлар ходимлари ва улар мансабдор шахслари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмайди.
Жисмоний ва юридик шахс тўғрисидаги, мурожаатга тааллуқли бўлмаган маълумотларни аниқлашга йўл қўйилмайди.
Жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги керак.
10. Жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ёки ҳимоя қилиш мақсадида давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат этганлиги, шунингдек, мурожаатларда ўз фикрини билдирганлиги ва танқид қилганлиги муносабати билан таъқиб этиш ман этилади.
3 боб. Мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби
11. Мурожаатлар уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколати доирасига кирадиган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига бевосита ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга берилади.
Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатни мустақил равишда беришга, шунингдек, бу борадаги ваколатни ўз вакилига беришга ёхуд мурожаатни почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда юборишга ҳақли.
Вояга етмаганлар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб мурожаатлар уларнинг қонуний вакиллари томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда берилиши мумкин.
12. Жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.
Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.
Жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатида давлат органининг, ташкилотнинг аниқ номи, мурожаат юборилаётган мансабдор шахснинг лавозими ва (ёки) фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилган, шунингдек, мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.
Мурожаатларда мурожаат этувчиларнинг электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факслари рақамлари кўрсатилиши мумкин.
Мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.
13. Мурожаатга у бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг нусхалари, шунингдек, уни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар илова қилиниши мумкин, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, мурожаат этувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳолатлар бундан мустасно.
Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мурожаат тааллуқлилиги бўйича бошқа давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига юборилганда мурожаатга илова қилиниши керак.
14. Мурожаат почта алоқа воситаси орқали конвертда келиб тушганда конвертда мурожаат ва унга иловалар мавжудлиги текширилади.
Конвертда мурожаат мавжуд бўлмаса ёки у шикастланган бўлса, шунингдек, мурожаатда кўрсатилган иловалар мавжуд бўлмаса, далолатнома тузилиб, унинг бир нусхаси мурожаат этувчига конвертда кўрсатилган манзил бўйича юборилади.
Келиб тушган мурожаатлар конвертлари мурожаат этувчининг манзилини, мурожаатнинг жўнатилган ва олинган вақтини аниқлаш учун сақлаб қолиниши мумкин.
15. Ёзма мурожаат мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.
Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.
16. Мурожаатларни бериш муддатлари, қоида тариқасида, белгиланмайди.
Айрим ҳолларда, агар давлат органининг, ташкилотнинг ёки улар мансабдор шахсларининг мурожаатни кўриб чиқиш бўйича имкониятларига, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ўз вақтида амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлаш заруратига боғлиқ бўлса, шунингдек, қонунларда назарда тутилган бошқа асосларга кўра мурожаатни бериш муддати белгиланиши мумкин.
Бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ариза ёки шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги ёхуд қарор қабул қилинганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан узоғи билан бир йилдан кечиктирмай берилади.
Ариза ёки шикоят беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати аризани ёки шикоятни кўриб чиқувчи давлат органи, ташкилот ёки уларнинг ваколат берилган мансабдор шахси томонидан тикланади.
17. Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатини у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда мурожаат бўйича қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш йўли билан чақириб олиш ҳуқуқига эга. Бундай ариза тушган тақдирда мурожаатни кўриб чиқиш тўхтатилади ва уч кун мобайнида мурожаат давлат органининг хати билан мурожаат қилувчига қайтарилади.
Мурожаатни чақириб олиш тўғрисидаги ариза давлат органлари, ташкилотлари томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.
4-боб. Давлат органларида, ташкилотларида мурожаатлар билан ишлашни ташкиллаштириш
18. Давлат органларида, ташкилотларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схемага биноан амалга оширилади.
19. Тушган мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, шунингдек мурожаатларнинг ҳисобини юритиш ва кўриб чиқилишини назорат қилиш мақсадида давлат органида, ташкилотида белгиланган умумий штатдаги ходимлар сони доирасида мурожаатлар билан ишлаш бўйича алоҳида бўлинма (кейинги ўринларда мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси деб аталади) ташкил этилади.
Мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси давлат органларига тушган мурожаатлар ҳажмидан, ходимлар сони ва иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда алоҳида бўлим, бўлинма ёки гуруҳ шаклида ташкил этилиши мумкин.
Мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси мурожаатларнинг кўриб чиқилишини назорат қилиш масалаларида бевосита давлат органи, ташкилоти раҳбарига бўйсунади.
20. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма:
таркибий бўлинмалар томонидан мурожаатлар кўриб чиқилишини доимий назорат қилади ва унинг мониторингини олиб боради, уларнинг ўз вақтида ва зарур тарзда кўриб чиқилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўради;
мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби таркибий бўлинмалар томонидан бузилиши тўғрисида давлат органи, ташкилоти раҳбарини дарҳол хабардор қилади;
мониторинг натижалари бўйича ҳар ойда давлат органи, ташкилоти раҳбарига мурожаатлар кўриб чиқилишининг ҳолати тўғрисидаги ахборотни, зарурият бўлганда, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйган давлат органи, ташкилоти ходимларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш юзасидан тегишли таклифлар билан биргаликда тақдим этади.
21. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинманинг ходимларига қуйидаги қўшимча талаблар қўйилади:
ўрта-махсус ёки олий маълумотга эга бўлиш;
камида уч йиллик иш стажи бўлиши;
уларнинг ходими бўлган давлат органи, ташкилоти бўлинмаларининг фаолияти, функцияларига оид мажбуриятлари тўғрисида хабардор бўлиш;
юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлиш;
киришимлилик;
замонавий ахборот-коммуникация технологияларни қўллашни билиш.
Бўлинма ходимлари мурожаатлар билан ишлаш бўйича ўз фаолиятини амалга оширишда илтифотли, қатъиятли, эътиборли бўлиши керак, мурожаат қилувчиларга нисбатан хушмуомалали, вазмин ва эътиборли, шахснинг шаънини камситмаслиги, унга нисбатан меҳрибон бўлиши шарт.
Мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажариш вақтида ташқи кўриниши бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органларига, ташкилотларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига кўмаклашиши, умумий қабул қилинган иш тартибига риоя этиши вазмин ва интизомли бўлиши керак.
22. Давлат органлари, ташкилотлар мурожаатлар билан иш олиб борувчи ўз ходимларини ўқитади ва уч йилда камида бир марта уларнинг малакасини оширади.
23. Давлат органлари, ташкилотлари ушбу Низомнинг талабларига кўра, мурожаатлар билан ишлашда электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий этиши мумкин.
Давлат органларида, ташкилотларида мурожаатлар билан ишлаш:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси ва Ҳукумат портали орқали келиб тушган мурожаатлар электрон шаклда;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлардаги (туманга бўйсунувчи шаҳарлардан ташқари) Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлар ёзма ва ёки электрон шаклда олиб борилади.
24. Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш, шунингдек, мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш мақсадида давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари ўз виртуал қабулхоналарини ташкил этиши мумкин.
Виртуал қабулхоналар қайси давлат органи, ташкилот ёки уларнинг қайси мансабдор шахслари томонидан тузилган бўлса ўша давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари номидан фаолият кўрсатади.
25. Жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатида кўрсатилган масалани ҳар томонлама ва ўз вақтида ҳал қилиш мақсадида, мурожаатда кўрсатилган масалани кўриб чиқиш (ҳал қилиш) бир нечта давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатига кирса, мурожаатни кўриб чиқувчи давлат органи ва ташкилоти бошқа давлат органлари ва ташкилотларига жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатини коллегиал эшитишни ўтказиш учун мурожаат қилишга ҳақли.
5-боб. Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари
26. Ёзма ва электрон (қоғозга босиб чиқарилган) мурожаатлар мурожаатларни рўйхатга олиш журналига тегишли ёзувларни киритиш, ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича ҳисобга олиш карточкасини тўлдириш ва мурожаатнинг биринчи саҳифаси қуйи ўнг қисмида рўйхатга олиш штампини қўйиш йўли билан мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинмада рўйхатга олинади.
Мурожаатлар ёзма ёки электрон тарзда рўйхатга олиниши мумкин.
Мурожаатларни рўйхатга олиш журналида мурожаатнинг тартиб рақами, мурожаат қилган жисмоний шахснинг фамилияси (исми ва отасининг исми), унинг яшаш жойи, юридик шахснинг номи, унинг жойлашган жойи, мурожаатнинг қисқача мазмуни, мурожаат қабул қилинган сана, дубликат ёки мурожаатларнинг такрорийлиги, назоратга олинганлиги тўғрисидаги белги, ижрочи этиб белгиланган давлат органи, ташкилоти таркибий бўлинмасининг номи, сана кўрсатилган ҳолда ижро этиш тўғрисидаги белги кўрсатилади.
Қайд этиш штампида давлат органининг, ташкилотининг расмий номи (умумқабул қилинган қисқартирилган ном ёки қисқартма кўрсатилиши мумкин), мурожаатнинг келиб тушган санаси ва қайд рақами кўрсатилади.
Мурожаатларнинг тартиб рақамлари ҳар йил бошидан янгидан ҳисобланади.
27. Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари давлат органига, ташкилотига оғзаки мурожаат этишганда улар томонидан тақдим қилинган ёзма мурожаатлар ҳамда бошқа материаллар қабул қилиниши ва ушбу Низомнинг 26-бандига мувофиқ тўлдирилган ҳисобга олиш карточкасига илова қилиниши керак.
Рўйхатга олинган мурожаатлар келиб тушган пайтидан бошлаб бир иш кунидан кечикмай давлат органи, ташкилоти раҳбарига, унинг ўринбосарига ёки таркибий бўлинма раҳбарига киритилади, у масъул таркибий бўлинмани (ходимни) белгилаган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш бўйича резолюцияни (топшириқнома) қўяди.
Резолюция (топшириқнома) қўйилган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма мурожаатни ижро этувчи сифатида белгиланган таркибий бўлинмага (ходимга) имзо қўйдирган ҳолда беради. Бунда ижрочи этиб белгиланган таркибий бўлинма (ходим)томонидан ижро этиш тўғрисидаги белги қўйилади.
28. Давлат органига, ташкилотга келиб тушган мурожаатлар давлат органининг, ташкилотнинг иш юритувига қабул қилиниши, бўйсуниш тартибида давлат органининг, ташкилотининг қуйи бўлинмасига (ташкилотга) (кейинги ўринларда қуйи орган деб аталади) юборилиши ёки тегишлилиги бўйича бошқа давлат органига, ташкилотга юборилиши мумкин.
29. Қуйи орган томонидан кўриб чиқилиши керак бўлган мурожаатлар унга келиб тушган кунидан бошлаб беш кун муддатдан кечиктирмай хат билан ёки давлат органининг, ташкилотининг раҳбари ёки таркибий бўлинманинг раҳбари томонидан имзоланган топшириқ билан бирга юборилиши, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар берилиши керак.
30. Агар мурожаатда бир нечта таркибий бўлинмага тегишли масалалар мавжуд бўлса, уларнинг барчаси мурожаатни кўриб чиқиш бўйича ижро этувчилар этиб белгиланади. Ижро этувчилар орасида биринчи бўлиб кўрсатилган таркибий бўлинма бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда мурожаат кўриб чиқилишини таъминлайди.
31. Мурожаатни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурат пайдо бўлган тақдирда, мазкур мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчидан, шунингдек, ўз ваколатлари доирасида бошқа давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ва мансабдор шахслардан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин. Агар ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари ўзларидан сўралаётган ахборотни ўн кун ичида тақдим этиши шарт.
32. Агар мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида мурожаатнинг дубликати келиб тушса, ушбу мурожаат аввал тушган мурожаат билан биргаликда кўриб чиқилади ҳамда натижаси бўйича ягона жавоб берилади.
Агар мурожаатнинг дубликати мурожаат кўриб чиқилганидан ва жавоб юборилганидан кейин келиб тушса, бу ҳақда давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчини ёзма тартибда хабардор қилади.
33. Агар мурожаатда ўртага қўйилган масалалар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакиллари мурожаатни кўриб чиқишда иштирок этиш учун давлат органлари, ташкилотлари томонидан ўз ваколатлари доирасида жалб этилади.
Зарур ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқиш учун давлат органи, ташкилоти томонидан тегишли мутахассислар жалб этилиши мумкин.
34. Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколати доирасига кирмайдиган давлат органига, ташкилотига келиб тушган мурожаатлар беш кун муддатдан кечиктирмай давлат органининг, ташкилотининг раҳбари ёки таркибий бўлинманинг раҳбари томонидан имзоланган хат билан тегишли органларга юборилади, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.
Мурожаатни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига, ташкилотларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.
Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур бўлган маълумотлар мавжуд бўлмаса, у ҳолда улар беш кун муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан мурожаат қилувчиларга қайтарилади.
35. Мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органи, ташкилоти ёки уларнинг мансабдор шахслари ўз ташаббусига кўра ёхуд мурожаат этувчининг илтимосига кўра уни эшитишни ташкил этиши мумкин.
Давлат органи, ташкилоти ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчига мурожаатда кўтарилган масалалар бўйича ўз фикрини билдириш ва мурожаат бўйича қўшимча ахборот тақдим этиш имкониятини беради.
Зарур ҳолларда мурожаат этувчини эшитишга экспертларни, мутахассисларни ва манфаатдор ташкилотларнинг вакилларини жалб этиш мумкин.
36. Агар мурожаатда жойнинг ўзида ўрганишни талаб этувчи ҳолат баён қилинган бўлса, шунингдек, бошқа зарур ҳолларда мурожаатни кўриб чиқувчи давлат органи, ташкилоти мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқишни таъминлаши мумкин. Мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқиш давлат органи, ташкилоти раҳбарининг топшириғи ёки унинг розилиги билан амалга оширилади.
37. Мурожаатни мурожаат қилган ёки бошқа шахснинг иштирокисиз кўриб чиқишнинг имконияти бўлмаганда, улар давлат органи, ташкилотининг мансабдор шахси томонидан чақирилиши мумкин. Чақирилган мурожаат қилувчи келмаган тақдирда давлат органи, ташкилотининг мансабдор шахси мурожаатни унинг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин эмаслиги тўғрисида жавоб юборади.
38. Мурожаатлар билан ишлаш муддатлари улар давлат органига, ташкилотига келиб тушган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар тегишли муддатнинг охирги куни дам олиш ва байрам кунларига тўғри келса, навбатдаги иш куни муддат тугайдиган кун ҳисобланади.
Электрон мурожаатлар тушган кунида қоғозга босиб чиқарилиши, иш вақти тамом бўлгандан кейин тушган тақдирда эса — навбатдаги иш кунида қоғозга босиб чиқарилиши керак.
Мурожаатни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.
Давлат органи, ташкилотининг раҳбарига ёки бунга ваколат берилган бошқа мансабдор шахсига оммавий қабуллар вақтида тушган ва жойида ҳал этилган оғзаки мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди. Бунда жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, мурожаатнинг қисқача мазмуни, шунингдек, уни кўриб чиқиш натижаси оммавий қабул баённомасида кўрсатилади.
39. Ариза ёки шикоят масалани мазмуни бўйича ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотига ёки уларнинг мансабдор шахсларига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органи, ташкилоти раҳбари томонидан, истисно тариқасида, кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.
40. Таклиф давлат органига, ташкилотига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кун муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.
41. Айрим ҳолларда давлат органи, ташкилотининг раҳбари ёки унинг ўринбосари мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартиришлари мумкин.
42. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат органи, ташкилоти томонидан тегишли қарор қабул қилинади, бу ҳақда дарҳол ёзма ёхуд электрон шаклда мурожаат қилувчига хабар берилади.
Мурожаатни қониқтирмаслик тўғрисидаги қарорни:
республика аҳамиятига молик ташкилотда, давлат органида — раҳбар, унинг ўринбосарлари, таркибий бўлинмалар раҳбарлари;
вилоят аҳамиятига молик ташкилотда, давлат органида — раҳбар, унинг ўринбосарлари;
туман ва шаҳар аҳамиятига молик ташкилотда, давлат органида — раҳбар қабул қилади.
Мурожаатга жавоб хатида мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асослар (заруриятга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) бўлиши керак.
43. Мурожаатга жавоб хати давлат органи, ташкилоти ёки унинг таркибий бўлинмаси раҳбари томонидан имзоланади.
Мурожаатларга жавоб хати, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилинади.
44. Жисмоний ёки юридик шахслар жамоа бўлиб мурожаат қилган тақдирда, уларнинг мурожаатлари Қонун талаблари ва мазкур Низомга мувофиқ кўриб чиқилади. Бунда мурожаатга жавоб мурожаат қилганларнинг рўйхатида биринчи бўлиб кўрсатилган шахсга ёки, уларнинг талабига кўра, бошқа шахсга юборилади.
45. Жисмоний ёки юридик шахснинг илтимосига кўра мурожаатни кўриб чиққан давлат органи, ташкилоти ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатга жавобни унинг мазмунини ўзгартирмасдан тушунтириши, шунингдек йўл қўйилган хатолар ва арифметик хатоларни ўз ташаббусига кўра ёки мурожаат қилувчининг илтимосига кўра, мурожаатга жавобнинг мазмунига дахл қилмаган ҳолда тузатиши шарт.
Мурожаат қилувчининг мурожаатга жавобни тушунтириш ва уни тузатиш тўғрисидаги илтимоси у келиб тушган кундан эътиборан ўн кун ичида кўриб чиқилади.
46. Мурожаат, унда кўтарилган барча масалалар Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда кўриб чиқилган ҳисобланади.
Мурожаат қилувчига жавоб юборилган кун мурожаатни кўриб чиқиш тугалланган кун ҳисобланади, бу ҳақда мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма мурожаатларни рўйхатга олиш журналига ва ҳисобга олиш карточкасига белги қўяди.
47. Юқори давлат органининг назоратида турган мурожаатлар бўйича мурожаатни кўриб чиққан давлат органи мурожаат қилувчига юборилган жавоб хатининг нусхасини илова қилган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида юқори давлат органига ёзма шаклда хабар беради.
48. Кўриб чиқилган мурожаатларни ва улар билан боғлиқ материалларни сақлаш мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинмада белгиланган тартибда амалга оширилади.
6-боб. Мурожаатларни кўрмай қолдириш ва кўриб чиқишни тугатиш
49. Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:
аноним мурожаатлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;
Қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.
50. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма ёки таркибий бўлинма раҳбари томонидан амалга оширилади.
Мурожаат аноним деб эътироф этилганда бу ҳақда хулоса тузилади. Хулосада мурожаатни аноним деб эътироф этиш учун асослар кўрсатилади. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш тўғрисидаги хулоса мурожаатлар билан ишловчи бўлинма раҳбари ёки таркибий бўлинма раҳбари томонидан тасдиқланади.
Давлат органларининг, ташкилотларининг ишонч телефонлари, «тезкор алоқа»га тушган мурожаатлар Қонунда назарда тутилган тартибда аноним деб эътироф этилиши мумкин.
Аноним деб эътироф этилган мурожаатлар хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб назоратдан ёки ижродан олинади ва кўриб чиқилмайди.
51. Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар келиб тушганда, мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма ёки таркибий бўлинма уларнинг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжудлигини текширади.
Агар мурожаатда жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, бу ҳақда мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинманинг раҳбари ёки таркибий бўлинма раҳбари томонидан тасдиқланадиган хулоса тузилади.
Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб ушбу мурожаат кўриб чиқилмайди, бу ҳақда мурожаат қилувчи ёзма равишда хабардор қилинади.
52. Мурожаатлар кўрмай қолдирилганда тегишли хулоса тузилади, у давлат органининг, ташкилотининг раҳбари ёки уларнинг ваколат берилган мансабдор шахси томонидан тасдиқланади.
Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли мурожаатлар кўрмай қолдирилганлиги тўғрисида мурожаат қилувчи тегишли тартибда хабардор қилинади.
53. Мурожаатларни кўриб чиқиш қуйидаги ҳолларда тугатилади:
агар такрорий мурожаатларда янги важлар ёки янгидан очилган ҳолатлар келтирилмаган бўлса, илгариги мурожаат материалларида эса текширувларнинг тўла-тўкис материаллари мавжуд бўлса ва мурожаат қилувчига белгиланган тартибда жавоблар берилган бўлса;
агар мурожаат қилувчи ўз мурожаатини белгиланган тартибда чақириб олган бўлса ёки уни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида илтимос қилган бўлса;
яшаш жойи, турган жойи (почта манзили), электрон почта манзили ёки бошқа реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисида ўз вақтида хабардор қилмаганлиги туфайли чақиришнинг имкони йўқлиги сабабли мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти бўлмаганда;
мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти мавжуд эмаслиги сабабли, давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахси томонидан чақирилган мурожаат қилувчи келмай қолган тақдирда;
агар мурожаат қилувчи жисмоний шахс вафот этганидан сўнг мурожаатни кўриб чиқиш ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.
54. Мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисидаги қарорни давлат органининг, ташкилотининг раҳбари ёки уларнинг ваколат берилган мансабдор шахси қабул қилади.
Такрорий мурожаатни кўриб чиқиш ушбу Низомнинг 53-банд иккинчи хатбошисига мувофиқ тугатилганда, мурожаат қилувчи такрорий мурожаатнинг асоссизлиги ва ушбу масала юзасидан у билан ёзишмалар тугатилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинади. Ёзишмалар олиб бориш тугатилган мурожаат қилувчидан такрорий мурожаат келиб тушган тақдирда, бундай мурожаатни кўриб чиқиш мурожаат қилувчини бу ҳақда хабардор қилмасдан тугатилади.
Мурожаатни кўриб чиқиш уни чақириб олиш тўғрисидаги ариза бўйича тугатилганда мурожаат мурожаат қилувчига давлат органининг, ташкилотнинг ёки улар мансабдор шахсининг хати билан бирга уч кун ичида қайтарилади. Мурожаатни чақириб олиш тўғрисидаги ариза қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.
Мурожаат қилувчи чақирилган жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг келмай қолганлиги сабабли мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинади
7 боб. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни ташкил этиш
55. Давлат органларида, ташкилотларида, шунингдек, уларнинг мансабдор шахслари томонидан жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилади.
Давлат органларининг раҳбарлари ёки бу борада ваколат берилган бошқа мансабдор шахслари томонидан жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллари, шунингдек оммавий қабуллар ташкил этилиши мумкин.
56. Давлат органида, ташкилотида жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш белгиланган кун ва соатларда, қабул қилиш жадвалига мувофиқ ўтказилади.
Қабул қилиш жадвали ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, қабул қилиш тартиби уларни давлат органлари, ташкилотларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек, уларнинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.
57. Давлат органлари ва ташкилотларида жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш учун алоҳида хона ажратилади.
Шахсий қабул давомида давлат органи, ташкилоти раҳбарининг қарорига кўра ва мурожаат этувчига бу ҳақда хабар берган ҳолда махсус техника воситалари (аудио- ва видеоёзув, шунингдек фотосуратга олиш) қўлланилиши мумкин.
58. Оғзаки мурожаатлар билан келган жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинманинг раҳбари ёхуд бошқа масъул ходим, шунингдек давлат органи, ташкилоти таркибий бўлинмаларининг (кейинги ўринларда таркибий бўлинма деб аталади), ташкилотнинг раҳбарлари ёхуд бошқа масъул ходимлари томонидан қабул қилинади.
Мурожаат қилувчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар текширилгандан кейин ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича ҳисобга олиш карточкаси тўлдирилади. Ҳисобга олиш карточкаси оғзаки мурожаат сифатида рўйхатга олинади.
59. Жисмоний шахс оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг вакили эса ўз ваколатларини тасдиқлайдиган ва ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши керак, оммавий қабул вақтида келиб тушган мурожаатлар бундан мустасно.
Оғзаки мурожаатлар реал вақт режимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан давлат органларининг, ташкилотларининг ишонч, тезкор алоқа телефонлари орқали ва видео-конференц-алоқа воситасида ҳам берилиши мумкин.
60. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма қабулга келган жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни, шунингдек жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш билан боғлиқ ишларни ташкил этади.
61. Давлат органида, ташкилотида жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма ёки тегишли таркибий бўлинма ходимлари иштирокида амалга оширилади.
62. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилувчи раҳбар ёки ваколатли шахснинг кўрсатмаси бўйича давлат органини, ташкилотининг бошқа ходимлари ҳам қабул қилиш жараёнига жалб этилиши мумкин.
63. Агар жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилиш пайтида мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш давлат органи, ташкилоти ёки уларнинг мансабдор шахсининг ваколатига кирмаслиги аниқланган тақдирда, уларга мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш кераклиги тушунтирилади. Бунда жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг талаби билан бу ҳақда ёзма шаклда жавоб берилади.
64. Жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллари, шунингдек оммавий қабуллар, зарур бўлган ҳолларда, қабул қилиш жадвалларидан ташқари ўтказилиши мумкин. Оммавий қабул ҳовлиларга (квартираларга), бошқа биноларга ва жойларга бирма-бир кириб чиқиш орқали ҳам ўтказилиши мумкин.
65. Жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллар вақтида берилган оғзаки мурожаатлари ушбу Низомнинг 58-бандига мувофиқ расмийлаштирилади ва рўйхатга олинади ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
66. Оммавий қабуллар вақтида давлат органининг ва ташкилотининг раҳбарига ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахсига келиб тушган ва жойида ҳал этилган оғзаки мурожаатларга ёзма жавоб ёки электрон шаклдаги жавоб талаб этилмайди.
8-боб. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини видео-конференц-алоқа воситасида қабул қилишни ташкил этиш
67. Жисмоний шахс ва юридик шахсларнинг вакили давлат органи, ташкилотининг раҳбарига ёхуд уларнинг мансабдор шахсларга видеоконференцалока воситасида мурожаат бериши, олдиндан тасдиқланган махсус ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда видео-конференц-алоқа жадвал орқали амалга оширилади.
68. Бунинг учун мурожаат этувчи видео-конференц-алоқа ўрнатилган тегишли давлат органи, ташкилотига белгиланган тартибдаги талабнома билан мурожаат қилади. Ариза электрон шаклда берилиши мумкин.
Талабномада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
жисмоний шахс учун — мурожаат этувчининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар;
юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар;
электрон почта манзили;
алоқа телефони ва/ёки факснинг рақами;
видео-конференц-алоқа ўтказишга қулай сана ва вақт;
мурожаат тили;
мурожаатнинг қисқача мазмуни.
Мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
69. Видеоеонференцалоқа орқали келиб тушган мурожаатлар келиб тушган пайтидан бошлаб бир иш кунидан кечикмай мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси томонидан рўйхатга олиниши ва давлат органи, ташкилотининг раҳбарига киритилиши керак.
70. Давлат органи, ташкилотининг раҳбари, талабномани кўриб чиқиб, видео-конференц-алоқа орқали қўриб чиқиш ёки кўриб чиқишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.
Қабул қилинган қарор, видео-конференц-алоқа орқали мурожаатни қўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида давлат органи, ташкилоти жисмоний ва юридик шахсларни белгиланган тартибда огоҳлантиради
71. Видео-конференц-алоқа орқали мурожаатни қабул қилиш жадвали ўзгарган тақдирда, мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси олдиндан (электрон почта, алоқа телефон ва/ёки факс рақамлари, почта ва бошқалар) орқали огоҳлантириши керак.
72. Видео-конференц-алоқа орқали келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида мазкур Низомда белгиланган тартибда қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.
9-боб. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари
73. Мурожаатлар давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан кўриб чиқилаётганда жисмоний ва юридик шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
мурожаатни кўриб чиқишнинг бориши тўғрисида ахборот олиш;
важларни шахсан баён этиш ва тушунтиришлар бериш;
мурожаатни текшириш материаллари ва уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш;
қўшимча материаллар тақдим этиш ёки бундай материалларни бошқа органлардан талаб қилиб олиш тўғрисида илтимос қилиш;
адвокат ёрдамидан фойдаланиш;
мурожаатни кўриб чиқишни тўхтатиш тўғрисида ёхуд мурожаатга жавобни тушунтириш ва (ёки) уни тузатиш тўғрисида илтимос қилиш;
ўз мурожаатини у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда мурожаат бўйича қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш йўли билан чақириб олиш;
мурожаатни қабул қилишни ёки кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этганлик устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки бевосита судга шикоят қилиш.
Жисмоний ва юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
74. Жисмоний ва юридик шахслар, давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан мурожаатларни кўриб чиқишда ўзларининг хатти-ҳаракатлари билан бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини, шунингдек, жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги керак.
10-боб. Мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ҳуқуқ ва эркинликлари
75. Мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органи, ташкилоти ва уларнинг мансабдор шахслари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
мурожаатни кўриб чиқиш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
мурожаат қилувчи ёки унинг вакилини улар йўқлигида мурожаатни кўриб чиқиш мумкин бўлмаганда ёхуд мурожаатни эшитиш учун чақириш;
била туриб ёлғон маълумотлар кўрсатилган мурожаатни текшириш сабабли етказилган харажатларнинг ўрнини қоплаш тўғрисида судга мурожаат қилиш.
Давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
76. Давлат органи, ташкилоти ва уларнинг мансабдор шахслари:
мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;
мурожаат қилувчига унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини, агар улар давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир бўлган маълумотларни ўз ичига олмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, таъминлаши;
мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг ёзма ёхуд электрон шаклда дарҳол хабар қилиши, оммавий қабуллар вақтида тушган ва жойида ҳал қилинган оғзаки мурожаатлар бундан мустасно;
мурожаат юзасидан қабул қилинган қарор устидан, агар жисмоний ёки юридик шахс ушбу қарорга рози бўлмаса, шикоят бериш тартибини тушунтириши;
мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра қабул қилинган қарорнинг ижросини назорат қилиши;
қонунга хилоф ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) бартараф этиш юзасидан дарҳол чора-тадбирлар кўриши, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабаблар ва шароитларни ўз ваколатлари доирасида аниқлаши;
жисмоний шахс, унинг вакили, уларнинг оила аъзолари, юридик шахс, унинг вакили ва юридик шахс вакилининг оила аъзолари уларнинг мурожаатлари сабабли таъқиб этилишини белгиланган тартибда бартараф этиши;
агар жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши натижасида моддий зарар ёки маънавий зиён етказилган бўлса, қонунда белгиланган тартибда моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ёки маънавий зиённи компенсация қилиш чораларини кўриши шарт.
Давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
11-боб. Мурожаатларнинг кўриб чиқилишини мониторинг ва назорат қилиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш
77. Давлат органларининг, ташкилотларининг раҳбарлари ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахслари ўз таркибий бўлинмалари томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан доимий мониторинг ва назоратни амалга оширади, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш чораларини кўради.
78. Мурожаат у қайси раҳбар ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахс томонидан назоратга олинган бўлса, ўша шахс томонидан назоратдан ва ижродан олинади.
Оралиқ жавоблар берилган ва тўлиқ кўриб чиқилмаган мурожаатлар назоратдан олинмайди.
79. Давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахслари келиб тушган, кўриб чиқилган, қаноатлантирилган, қаноатлантирилмаган, кўриб чиқилмаган мурожаатларнинг, шунингдек, бошқа маълумотларнинг статистик ҳисобини юритади.
Давлат органи, ташкилоти жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек, жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилишни таъминлайди.
Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра мурожаатлар билан ишлаш бўлинмалар ёки тегишли таркибий бўлинмалар томонидан мурожаатлар билан ишлашнинг умумий кўрсаткичлари, мурожаатларда тез-тез кўтарилган масалалар, мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича аниқланган асосий камчиликлар ва қоидабузарликлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек, жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш мақсадида кўрилган чоралар акс эттирилган маълумотномалар (шарҳлар) тузилади ҳамда давлат органи раҳбарига давлат органи, ташкилотида мурожаатларни кўриб чиқишнинг қонунийлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек, жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади.
Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра тузилган маълумотномалар (шарҳлар) тегишли давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
80. Давлат органлари ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига мурожаатлар билан ишлаш тўғрисида ҳисобот тақдим этадилар.
81. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари Ўзбекистон Республикаси Интерактив давлат хизматлари ягона порталида, давлат органларининг расмий веб-сайтларида, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида ҳар ойда эълон қилиниши мумкин.
82. Мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси тушган мурожаатларни таҳлил қилиш якунлари бўйича давлат органи, ташкилотининг расмий веб-сайтида тегишли статистика маълумотларини ҳар ойда эълон қилади.
12-боб. Якунловчи қоидалар
83. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик, жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, жисмоний ва юридик шахсни мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун таъқиб қилиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
84. Қонун ва ушбу Низом талабларига риоя этишни таъминлаш учун жавобгарлик давлат органлари раҳбарларига ва уларнинг ўринбосарларига, мурожаатлар билан ишлаш бўлинмалар ва тегишли таркибий бўлинмалар раҳбарларига юкланади.
85. Жисмоний ёки юридик шахснинг аризаси, шикояти ана шу мурожаатлар бўйича қонунга хилоф қарорлар қабул қилган давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қаноатлантирилган тақдирда, ариза ёки шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш билан боғлиқ зарарнинг ўрни, аризани, шикоятни кўриб чиқиш учун тегишли давлат органлари, ташкилотларининг ёки уларнинг мансабдор шахсларининг талабига кўра жойларга бориш муносабати билан қилинган харажатларнинг ҳамда ана шу вақт ичида йўқотилган иш ҳақининг ўрни мурожаат этувчига суд тартибида қопланади.
Суд тартибида маънавий зиён ҳам компенсация қилиниши мумкин.
Жисмоний ёки юридик шахснинг аризасини ёхуд шикоятини кўриб чиқишда қонун талаблари бузилганлиги муносабати билан унга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш сифатида давлат органи, ташкилоти томонидан тўланган маблағлар айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши мумкин.
86. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, худди шунингдек, туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Намунавий низомга
1-ИЛОВА
Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш
СХЕМАСИ
 
* Мурожаатлар давлат органларига юқори давлат органлари ёки тегишлилиги бўйича бошқа давлат органлари орқали ҳам тушиши мумкин. Зарур ҳолларда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш юқори давлат органи томонидан назоратга олинади.
Намунавий низомга
2-ИЛОВА

(Олд томони)

ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ
МУРОЖААТЛАРИНИ ҚАЙД ЭТИШ КАРТОЧКАСИ

Тартиб рақами:

Савол:

Мурожаат қилувчи:

Манзили:

Мурожаат келиб тушган сана:

Мурожаат қилувчилар сони:

Мурожаатнинг шакли:

Варақлар сони:

Қабул шакли:

Дубликат/такрорий

Мурожаатнинг тури:

Олдинги мурожаатнинг санаси ва рақами:

Назорат тури:

Мурожаатнинг қисқача мазмуни:

Резолюцияни (топшириқни) имзолаган раҳбар:

Раҳбарнинг резолюцияси (топшириғи):

Бажариш муддати:

Таркибий бўлинма:

Ижрочи:


(Орқа томони)

Мурожаатларни кўриб чиқишнинг ҳолати

Юборилган сана

Қаерга юборилган

Жавоб хатининг

рақами ва санаси

     

Муддати узайтирилган:

Ким томонидан:(имзо)

Жавоб хати келган сана:

Кўриб чиқиш натижаларининг қисқача мазмуни:

Назоратдан олинди

(ким томонидан):

Сана:

Бажарувчининг имзоси:

Бажарилган сана:

Мурожаатни кўриб чиқиш муддати бузилганлиги ҳақидаги белги:

             
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган баъзи қарорлари
рўйхати
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида» 2015 йил 31 мартдаги 73-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2015 й., 3-сон, 21-модда).
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2017 йил 22 августдаги 659-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 34-сон, 895-модда).
 
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.05.2018 й., 09/18/341/1202-сон)
Fuqarolarning murojaatlari to‘g‘risidagi
O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASINING QONUNI
 
«FUQAROLARNING MUROJAATLARI TO‘G‘RISIDA»GI O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI QONUNIGA O‘ZGARTISHLAR VA QO‘SHIMCHALAR KIRITISH HAQIDA 
(O‘zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 2003 y., 1-son, 7-modda)
 
O‘zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi qaror qiladi: O‘zbekiston Respublikasining 1994 yil 6 mayda qabul qilingan «Fuqarolarning murojaatlari to‘g‘risida»gi Qonuniga(O‘zbekiston Respublikasi Oliy Kengashining Axborotnomasi, 1994 yil, № 5, 140-modda) o‘zgartishlar va qo‘shimchalar kiritilib, uning yangi tahriri tasdiqlansin (ilova qilinmoqda).
 
O‘zbekiston Respublikasining Prezidenti I. KARIMOV
Toshkent sh.,
2002 yil 13 dekabr,
446-II-son
O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASINING QONUNI
FUQAROLARNING MUROJAATLARI TO‘G‘RISIDA
(yangi tahriri)
 
I. UMUMIY QOIDALAR
1-modda.Ushbu Qonunning maqsadi
Ushbu Qonun fuqarolarning davlat organlariga, muassasalariga (bundan buyon matnda davlat organlari deb yuritiladi) murojaatlari sohasidagi munosabatlarni tartibga soladi. 
 
2-modda.Fuqarolarning murojaatlari to‘g‘risidagi qonun hujjatlari
Fuqarolarning murojaatlari to‘g‘risidagi qonun hujjatlari ushbu Qonun va boshqa qonun hujjatlaridan iboratdir.

3-modda.Fuqarolarning murojaat etish huquqi
O‘zbekiston Respublikasi fuqarolari davlat organlariga arizalar, takliflar va shikoyatlar bilan murojaat etish huquqiga ega.
Fuqarolarning murojaat ztish huquqidan foydalanishlari boshqa shaxslarning, jamiyat va davlatning huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlariga putur etkazmasligi kerak.
Xorijiy davlatlarning fuqarolari va fuqaroligi bo‘lmagan shaxslar O‘zbekiston Respublikasi davlat organlariga ushbu Qonunga muvofiq murojaat etish huquqiga ega.
Fuqarolar tomonidan fuqarolarning o‘zini o‘zi boshqarish organlariga murojaat etish sohasidagi munosabatlar ushbu Qonunda belgilangan tarzda tartibga solinadi.
Fuqarolarning murojaatlari, agar qonunlarda ularni ko‘rib chiqishning boshqacha tartibi belgilangan bo‘lsa, ushbu Qonunga muvofiq ko‘rib chiqilmaydi.
 
4-modda.Fuqarolarning murojaatlari shakllari
Fuqarolarning murojaatlari og‘zaki yoki yozma shaklda kiritiladi. Fuqarolarning og‘zaki va yozma murojaatlari bir xil ahamiyatga ega.
Fuqarolarning murojaatlari yakka tartibda yoki jamoa tomonidan berilishi mumkin. 
 
5-modda.Fuqarolarning murojaatlari turlari
Fuqarolarning murojaatlari ariza, taklif yoki shikoyat ko‘rinishida bo‘lishi mumkin.
Ariza fuqarolarning o‘z huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlarini ro‘yobga chiqarishda yordam ko‘rsatish to‘g‘risidagi iltimosi bayon etilgan murojaatidir.
Taklif fuqarolarning davlat va jamiyat faoliyatini takomillashtirishga doir tavsiyalarini o‘z ichiga olgan murojaatidir.
SHikoyat fuqarolarning buzilgan huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlarini tiklash to‘g‘risidagi talabi bayon etilgan murojaatidir.

6-modda.Fuqarolarning murojaatlariga qo‘yiladigai talablar
Murojaatlarda fuqaroning familiyasi (ismi, otasining ismi), yashash joyi to‘g‘risidagi ma’lumotlar ko‘rsatilgan ariza, taklif yoki shikoyatning mohiyati bayon etilgan bo‘lishi kerak.
YOzma murojaatlarda murojaat etuvchining imzosi bo‘lishi lozim. Murojaatga shaxsiy imzo qo‘yish imkoni bo‘lmagan taqdirda, bu murojaatlar uni yozib bergan shaxsning imzosi bilan tasdiqlanib, uning familiyasi, ismi, otasining ismi ham yozib qo‘yiladi.
Fuqaroning familiyasi (ismi, otasining ismi), yashash joyi to‘g‘risidagi ma’lumotlar ko‘rsatilmagan yoki u haqda soxta ma’lumotlar ko‘rsatilgan, shuningdek imzo qo‘yilmagan yozma murojaatlar anonim deb hisoblanadi va ko‘rib chiqilmaydi.

7-modda.Fuqarolarning murojaatlari va ommaviy axborot vositalari
Fuqarolarning davlat organlariga gazetalar, jurnallar, televidenie, radio va boshqa ommaviy axborot vositalari tahririyatlari orqali kelib tushgan murojaatlari ushbu Qonunda nazarda tutilgan tartibda va muddatlarda ko‘rib chiqiladi.
Fuqarolarning ommaviy axborot vositalariga yo‘llagan murojaatlaridan ommaviy axborot vositalari to‘g‘risidagi qonun hujjatlariga muvofiq jamoat fikrini o‘rganish va aks ettirish uchun foydalanilishi mumkin.

8-modda.Fuqarolarni qabul qilish
Davlat organlarida fuqarolarni qabul qilish tashkil etiladi. Fuqarolarni qabul qilish rahbar yoki boshqa mansabdor shaxs tomonidan amalga oshiriladi. Buning uchun davlat organlarida alohida bo‘linmalar tuzilishi mumkin, fuqarolarni qabul qilish uchun mas’ul mansabdor shaxslar belgilab qo‘yiladi.
Qabul belgilangan kun va soatlarda, fuqarolar uchun qulay vaqtda o‘tkaziladi. Qabul jadvali fuqarolar e’tiboriga etkaziladi.
Fuqaro og‘zaki murojaat etayotganda o‘z shaxsini tasdiqlovchi hujjat ko‘rsatishi kerak.
Fuqaroni qabul qilish, agar uning bir necha bor qilgan murojaati asossiz, qonunga xilof xususiyatda bo‘lsa yoki uning murojaati bo‘yicha qaror qabul qilib bo‘lingan bo‘lsa, rad etilishi mumkin.
Davlat organlarida fuqarolarni qabul qilish tartibi mazkur organlar rahbarlari tomonidan belgilanadi.

9-modda.Fuqarolarning murojaatlari bo‘yicha ish yuritish
Davlat organlarida fuqarolarning murojaatlari bo‘yicha ish yuritish qonun hujjatlarida belgilangan tartibda olib boriladi. 
 

II. FUQAROLARNING MUROJAAT ETISH HUQUQLARI KAFOLATLARI

10-modda.Fuqarolar murojaat etish huquqidan foydalanayotganda ixtiyoriylik
Fuqarolarning murojaat etish huquqi ixtiyoriylik asosida amalga oshiriladi. Hech kim biron bir murojaatni himoya etishga yoki unga qarshi qaratilgan harakatlarda ishtirok etishga majbur qilinishi mumkin emas.

11-modda.Fuqarolar murojaat etish huquqidan foydalanayotganda kamsitishga yo‘l qo‘yilmasligi
Fuqarolar murojaat etish huquqidan foydalanayotganda ularni jinsi, irqi, millati, tili, dini, ijtimoiy kelib chiqishi, e’tiqodi, shaxsiy va ijtimoiy mavqeiga qarab kamsitish taqiqlanadi.

12-modda.Fuqarolarning murojaatlarini qabul qilish va ko‘rib chiqishning majburiyligi
Fuqarolarning murojaatlari albatta qabul qilinishi va ko‘rib chiqilishi kerak, ushbu Qonun 6-moddasining uchinchi qismidanazarda tutilgan hollar bundan mustasno.
Fuqaro uning murojaatini qabul qilish va ko‘rib chiqish asossiz ravishda rad etilganligi ustidan bo‘ysunuv tartibida yuqori turuvchi organga yoki bevosita sudga shikoyat berishga haqli.
 
13-modda.Fuqarolarning murojaatlari munosabati bilan ayon bo‘lib qolgan ma’lumotlarning oshkor etilishiga yo‘l qo‘yilmasligi
Fuqarolarning murojaatlarini ko‘rib chiqishda fuqarolarniig shaxsiy hayotiga doir ma’lumotlar ularning roziligisiz, shuningdek davlat siri yohud qonun bilan qo‘riqlanadigan boshqa sir hisoblangan ma’lumotlar va, agar fuqarolarning huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlarini kamsitadigan bo‘lsa, boshqa axborotlar davlat organlari xodimlari tomonidan oshkor etilishiga yo‘l qo‘yilmaydi.
Murojaatga taalluqli bo‘lmagan, fuqaroning shaxsiga doir ma’lumotlarni surishtirib bilishga yo‘l qo‘yilmaydi.
Fuqaroning iltimosiga binoan uning shaxsiga doir biron bir ma’lumot oshkor etilmasligi kerak.

14-modda.Fuqarolarning murojaat etishi munosabati bilan ularning xavfsizligi kafolatlari
Fuqarolarni hamda ularning oila a’zolarini o‘z huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlarini ro‘yobga chiqarish yoki himoya qilish maqsadida davlat organlariga murojaat etganliklari uchun ta’qib qilish man etiladi.
 
III. FUQAROLARNING ARIZALAR, TAKLIFLAR VA SHIKOYATLAR BERISH TARTIBI HAMDA ULARNI KO‘RIB CHIQISH
 
15-modda.Arizalar, takliflar va shikoyatlarni berish tartibi
Fuqarolarning ariza, taklif va shikoyatlari ularda qo‘yilgan masalalarni hal etish vakolat doirasiga kiradigan davlat organiga bevosita yoki bo‘ysunuv tartibida yuqori turuvchi organga beriladi.
Fuqaro ariza, taklif va shikoyatni shaxsan berishga, shuningdek bu boradagi vakolatni o‘z vakiliga berishga yoki murojaatini aloqa vositalari orqali yuborishga haqli. Voyaga etmaganlar hamda muomalaga layoqatsiz shaxslar manfaatlarini ko‘zlab ariza, taklif va shikoyat ularning vakillari tomonidan qonun hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda berilishi mumkin.
Ariza, taklif va shikoyatga ular yuzasidan ilgari qabul qilingan, fuqarodagi mavjud qarorlar (yoki ularning nusxalari), shuningdek ariza, taklif va shikoyatni ko‘rib chiqish uchun zarur bo‘lgan boshqa hujjatlar ilova qilinishi mumkin.
 
16-modda.Arizalar, takliflar va shikoyatlarni berish muddatlari
Fuqarolarning ariza, taklif va shikoyatlar berishi uchun muddat belgilanmaydi. Ayrim hollarda muayyan davlat organining ariza, taklif va shikoyatni ko‘rib chiqish imkoniyatiga, fuqarolarning huquq va erkinliklarini o‘z vaqtida ro‘yobga chiqarish, ularning qonuniy manfaatlari himoya etilishini ta’minlash zaruratiga bog‘liq bo‘lsa, shuningdek qonunlarda nazarda tutilgan boshqa asoslarga ko‘ra, bunday davlat organlariga ariza, taklif va shikoyatlarni berish muddati belgilanishi mumkin.
Bo‘ysunuv tartibida yuqori turuvchi organga ariza yoki shikoyat fuqaroga uning huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlarini buzuvchi harakatlar (harakatsizlik) sodir etilganligi yoki qarorlar qabul qilinganligi ma’lum bo‘lib qolgan paytdan e’tiboran uzog‘i bilan bir yil ichida berilishi mumkin. Uzrli sabablarga ko‘ra o‘tkazib yuborilgan muddat ariza yoki shikoyatni ko‘rib chiquvchi davlat organi tomonidan tiklanadi. 
 
17-modda.Fuqarolarning murojaatlarini ko‘rib chiqish
Fuqarolarning davlat organiga kelib tushgan murojaatlari ana shu organning o‘zi yoki zimmasiga murojaatlarni ko‘rib chiqish vazifasi yuklatilgan mansabdor shaxs tomonidan ko‘rib chiqiladi.
Fuqarolarning murojaatlari, agar ular qo‘yilgan masalalarni hal etish vakolat doirasiga kirmaydigan davlat organiga yuborilgan bo‘lsa, uzog‘i bilan besh kunlik muddat ichida tegishli organlarga jo‘natiladi va bu haqda fuqaroga xabar qilinadi. Murojaatlarni ko‘rib chiqishi uchun boshqa davlat organlariga asossiz ravishda berish yoki qarori yohud harakati ustidan shikoyat qilinayotgan davlat organlari yoki mansabdor shaxslarning o‘ziga jo‘natish man etiladi. Agar fuqarolarning murojaatlarida ularni tegishli organlarga jo‘natish uchun zarur ma’lumotlar bo‘lmasa, bu murojaatlar xuddi shu muddat mobaynida asoslantirilgan tushuntirish bilan fuqaroning o‘ziga qaytariladi.
Fuqarolarning murojaatlarini har taraflama mufassal va xolisona ko‘rib chiqish uchun qo‘shimcha axborotlar, ma’lumotnomalar va materiallarga zarurat paydo bo‘lsa, mazkur murojaatni ko‘rib chiqayotgan davlat organining mansabdor shaxsi qo‘shimcha axborot to‘plashi mumkin.
Fuqarolarning murojaatini ko‘rib chiqayotgan davlat organi zarur hollarda murojaat joyning o‘zida ko‘rib chiqilishini ta’minlashi kerak.
Alohida hollarda, murojaat etgan shaxsning o‘zi yoki boshqa shaxs yo‘qligida murojaatni ko‘rib chiqishning imkoni bo‘lmasa, ular davlat organining mansabdor shaxsi tomonidan chaqirilishi mumkin.
Fuqarolarning murojaatlari bo‘yicha qabul qilingan qarorlarni davlat organining rahbari yoki boshqa vakolatli mansabdor shaxsi imzolaydi.
Agar ariza, taklif yoki shikoyatda bayon qilingan masalalar hal etilayotganda xo‘jalik yurituvchi sub’ektlarning faoliyatini tekshirish zarurati yuzaga kelsa, bu ish qonun hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi. 
 
18-modda.Fuqarolarning murojaatlarini ko‘rib chiqish muddatlari
Fuqarolarning takliflari tushgan kundan e’tiboran bir oygacha bo‘lgan muddat ichida ko‘rib chiqiladi, qo‘shimcha o‘rganishni talab etadigan takliflar bundan mustasno va bu haqda taklif kiritgan shaxsga o‘n kunlik muddat ichida ma’lum qilinadi.
Ariza yoki shikoyatlar masalani mohiyatan hal etishi shart bo‘lgan davlat organiga tushgan kundan e’tiboran bir oygacha bo‘lgan muddat ichida, qo‘shimcha o‘rganishni va tekshirishni talab etmaydigan ariza yoki shikoyatlar esa o‘n besh kundan kechiktirmay ko‘rib chiqiladi.
Ariza yoki shikoyatni ko‘rib chiqish uchun tekshirish o‘tkazish, qo‘shimcha materiallar talab qilib olish yoki boshqa chora-tadbirlar ko‘rish zarur bo‘lgan hollarda, ariza yoki shikoyatni ko‘rib chiqish muddati tegishli davlat organi rahbari tomonidan istisno tariqasida uzog‘i bilan bir oyga uzaytirilishi mumkin va bu haqda ariza yoki shikoyat bergan shaxsga ma’lum qilinadi. 
 
IV. MUROJAATLARNI KO‘RIB CHIQISHDA FUQAROLARNING HUQUQLARI VA DAVLAT ORGANLARINING MAJBURIYATLARI
 
19-modda.Murojaatlarni ko‘rib chiqishda fuqarolarning shaxsan ishtirok etish huquqi
Murojaat davlat organlari tomonidan ko‘rib chiqilayotganda fuqaro murojaatning ko‘rib chiqilishi jarayoni haqida axborot olish, vajlarini shaxsan bayon etish va izohlar berish, murojaatni tekshirish materiallari hamda ko‘rib chiqish natijalari bilan tanishish, qo‘shimcha materiallar takdim etish yoki ularni boshqa organlardan so‘rab olish to‘g‘risida iltimos qilish, advokat yoki o‘z vakili xizmatlaridan foydalanish huquqiga ega.
Murojaatni ko‘rib chiqayotgan davlat organlarining mansabdor shaxslari fuqarolarga ularning huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlariga daxldor hujjatlar, qarorlar va boshqa materiallar bilan tanishib chiqish imkoniyatini ta’minlashlari shart.

20-modda.Fuqarolarning murojaatlarini ko‘rib chiqishda qabul qilinadigan chora-tadbirlar
Davlat organlari fuqarolarning murojaatlarini ko‘rib chiqishda qonunga xilof harakatlarning (harakatsizlikning) darhol oldini olishga doir chora-tadbirlar ko‘rishlari, fuqarolarning huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlari buzilishiga olib kelayotgan sabablar va sharoitlarni aniqlashlari, murojaat qilganliklari munosabati bilan fuqarolar ta’qib qilinishining belgilangan tartibda oldini olishlari shart.

21-modda.Fuqaroning murojaatini ko‘rib chiqqan davlat organining majburiyatlari
Fuqaroning murojaatini ko‘rib chiqqan davlat organi unga murojaatni ko‘rib chiqish natijalari to‘g‘risida va qabul qilingan qarorning mohiyati haqida yozma shaklda xabar qilishi shart.
Ariza yoki shikoyat yuzasidan qaror qabul qilgan davlat organining mansabdor shaxsi, agar fuqaro qarorga rozi bo‘lmasa, unga qabul qilingan qaror ustidan shikoyat berish tartibini tushuntirishi shart.
Fuqaroning murojaatini ko‘rib chiqqan davlat organi, uning mansabdor shaxsi murojaatni ko‘rib chiqish natijalari yuzasidan qabul qilingan qaror ijrosini nazorat qilishi, agar fuqaroga uning huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlari buzilishi natijasida zarar yoki ma’naviy ziyon etkazilgan bo‘lsa, qonunda belgilangan tartibda zararning o‘rnini qoplash yoki ma’naviy ziyonni kompensatsiya qilishga doir chora-tadbirlar ko‘rishi ham shart.

22-modda.Fuqarolarning murojaatlari bilan olib boriladigan ish tahlili
Fuqarolarning murojaatlarini ko‘rib chiqayotgan davlat organlari fuqarolarning huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlari, shuningdek jamiyat va davlat manfaatlari buzilishini yuzaga keltiruvchi sabablarni o‘z vaqtida aniqlash va bartaraf etish maqsadida arizalar, takliflar va shikoyatlarni belgilangan tartibda umumlashtiradilar hamda tahlil etib boradilar. 
 

V. FUQAROLARNING MUROJAATLARI TO‘G‘RISIDAGI QONUN HUJJATLARINI BUZGANLIK UCHUN JAVOBGARLIK
 
23-modda.Fuqarolarning murojaatlari to‘g‘risidagi qonun hujjatlari ijrosi ustidan nazorat
Fuqarolarning murojaatlari to‘g‘risidaga qonun hujjatlari ijrosi ustidan nazoratni davlat hokimiyati va boshqaruv organlari o‘z vakolatlari doirasida ta’minlaydilar. 
 
24-modda.Mansabdor shaxslarning fuqarolarning murojaatlari to‘g‘risidagi qonun hujjatlarini buzganlik uchun javobgarligi
Fuqarolarning murojaatlarini qabul qilishni va ko‘rib chiqishni asossiz ravishda rad etish, ularni ko‘rib chiqish muddatlarini uzrli sabablarsiz buzish, qonunga zid qaror qabul qilish, fuqaroning buzilgan huquqlari tiklanishini hamda shikoyat munosabati bilan qabul qilingan qaror bajarilishini ta’minlamaganlik, fuqaroga uning huquq va erkinliklari hamda qonuniy manfaatlariga daxldor bo‘lgan hujjatlar, qarorlar va boshqa materiallar bilan tanishib chiqish imkoniyatini berishni asossiz ravishda rad etish yoki fuqarolarning shaxsiy hayotiga doir ma’lumotlarni ularning roziligisiz oshkor etish, fuqaroni murojaat qilganligi uchun ta’qib qilish, shuningdek fuqarolarning murojaatlari to‘g‘risidagi qonun hujjatlarini boshqacha tarzda buzish qonunga muvofiq javobgarlikka sabab bo‘ladi. 
 
25-modda.Fuqaroning ariza yoki shikoyatini ko‘rib chiqishda qonun talablarining buzilishi oqibatida fuqaroga etkazilgan zararning o‘rnini qoplash
Fuqaroning arizasi yoki shikoyati qanoatlantirilgan taqdirda ana shu murojaat bo‘yicha qonunga xilof qaror qabul qilgan davlat organi ariza yoki shikoyat berish va uni ko‘rib chiqish munosabati bilan fuqaroga etkazilgan zararning o‘rnini, tegishli davlat organining talabi bilan ariza yoki shikoyatni ko‘rib chiqish uchun joylarga borish munosabati bilan sarf qilingan harajatlarni qoplaydi hamda ana shu vaqt ichida yo‘qotilgan ish haqini to‘laydi. Fuqaroga etkazilgan ma’naviy ziyon ham sud tartibida kompensatsiya qilinishi mumkin.
Fuqaroning arizasi yoki shikoyatini ko‘rib chiqishda qonun talablari buzilganligi munosabati bilan unga etkazilgan zararning o‘rnini qoplash maqsadida davlat organi tomonidan to‘langan mablag‘lar aybdor mansabdor shaxsdan regress tartibida undirib olinishi mumkin. 
 
26-modda.Fuqaroning g‘ayriqonuniy xususiyatdagi ariza, taklif yoki shikoyat berganlik uchun javobgarligi
Fuqaroning tuhmat va haqoratdan iborat ariza, taklif yoki shikoyat berganligi qonunda belgilangan javobgarlikka sabab bo‘ladi. 
 
27-modda.Fuqarolarning bila turib soxta ma’lumotlar bayon etilgan murojaatlarini tekshirishga sarf qilingan xarajatlarni qoplash
Bila turib soxta ma’lumotlar bayon etilgan murojaatlarni tekshirish munosabati bilan davlat organi tomonidan sarf qilingan xarajatlar fuqarodan sudning qaroriga binoan undirib olinishi mumkin. 
 
28-modda.Nizolarni hal etish
Fuqarolarning murojaatlari munosabati bilan zararning o‘rnini qoplash va ma’naviy ziyonni kompensatsiya qilish to‘g‘risidagi nizolar sud tartibida ko‘rib chiqiladi.